Самарқандда қалин қор ва музлама туфайли баъзи йўллар ёпилган

Қалин қор ва музлама туфайли Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи "Тахтақорача" довони вақтинча ёпилди - ИИБ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Бугун Самарқанд вилояти автомобил йўлларида вазият мураккаблашуви туфайли ИИБнинг ЙҲХ бошқармаси махсус чоралар кўрмоқда, деб хабар қилди бошқарма матбуот хизмати.

Хусусан Самарқанд шаҳрида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда ободонлаштириш бошқармалари ҳамкорлигида йўллардаги музламаларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ундан ташқари М-39 “Алмати-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг Самарқанд вилояти Ургут туманидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга “Тахтақорача” довонидан ўтган қисмида бугун 22 январь куни соат 11.00да автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилди, - дейилган расмий хабарда.

Хабарда айтилишига кўра довондаги йўллар қалин  қор билан қопланган.

Маълумот учун метерология хизматлари шу кеча-кундузда Самарқанд вилоятида ҳаво ҳарорати 0...- 6 даража совуқ бўлишини хабар қилган эди.