Ҳамширадан пора талаб амалдорга қарши жиноят иши очилди

Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва хўжалик ишлари бўлими ходими пора билан қўлга тушди. Қўлга олиш тадбири ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ҳамширадан пора талаб қилган Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва хўжалик ишлари бўлими ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлими томонидан шаҳар прокуратураси ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир натижасида Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси хўжалик ишлари бўлими ходими Ф.А. навбатчи ҳамшира Я.А.ни бошқа бўлимга ҳамшираликка ўтказиб беришни ваъда берган.

Туғруқхонадаги жирканч жиноят: чақалоқ юз долларга сотилди

Эвазига эса ундан 200 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тадбир давомида Ф.А. ушбу 200  долларни тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Т.га етказиб бериши лозимлигини маълум қилган.

Тезкор тадбир шу жойида давом эттирилиб, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Т. 200 долларни Ф.А. орқали пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция кўпайганини маълум қилгани хабар қилинган эди. Сўнгги икки йилда тизимдаги 581  нафар ходимлар турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.