Бир гуруҳ ниқобли шахслар Тошкент дорихоналарига ҳужум уюштирди

Жорий йил 9 январь куни кечки соат 20:00 ларда юзига ниқоб таққан, ошхона пичоғи ва махсус ясалган таёқ билан қуролланган номаълум шахслар учта дорихонага ҳужум уюштирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 янв – Sputnik. Бир гуруҳ ниқобли шахслар томонидан Тошкент шаҳридаги учта дорихонага ҳужум уюштирилганлиги айтилмоқда. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.

Григорянни ўлдиришда гумонланаётган шахс қўлга олинди

Ҳодиса жорий йилнинг 9 январь куни кечки соат 20:00 ларда содир бўлган. Юзларига ниқоб таққан, ошхона пичоғи ва махсус ясалган таёқ билан қуролланган номаълум шахслар шаҳардаги учта дорихоналарга ҳужум уюштирган. 102 рақамига қилинган мурожаат асосида воқеа жойига етиб келган ИИББ ходимлари томонидан ушбу шахслар қўлга олинган.

Қўлга олинган шахслар содир этган хатти-ҳаракатлари юзасидан сўроқ қилинганда, ушбу уч дорихоналарда психотроп дори воситалари сотилиб келинганлиги, бунга чек қўйиш мақсадида шу ишни қилганликларини маълум қилишган.

Аммо жиноятга қарши курашган жиноятчиларнинг дорихона кассаларидан олган 12 млн сўмлик пул маблағлари, дорихона ходимларига тегишли бўлган “Iphon+7” ҳамда “Samsung S-9” русумли телефон аппаратларини талон-тарож қилиб, воқеа жойидан яширинганликлари улар берган кўрсатмага мутлақо зид.

Бундан ташқари ушбу шахсларнинг дорихона ходимларига куч ишлатиб, уларнинг ҳаёти ва соғлиги учун зарар бўлган жисмлар билан тан жароҳати етказганликлари аниқланган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан ЖКнинг 164-моддаси, 2-қисми а,б, бандлари билан жиноий иш қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Шаҳар дорихоналарида эса кўрсатма берилганидек психотроп моддалари сотилганлиги ҳолати бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.