ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. “Ренова” компаниялари гуруҳи Ўзбекистонда қуёш электр станциялари қуриш бўйича ўтказилаётган тендерларда қатнашиш ҳамда қуёш батареяларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов “Ренова” компаниялари гуруҳи директорлар Кенгашининг раиси Виктор Вексельберг билан музокаралар ўтказди. Унда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
“Россия томони тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этиш, қуёш электр станциялари қуриш бўйича ўтказилаётган тендерларда қатнашиш, қолаверса, Ўзбекистонда қуёш батареяларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, кейинчалик республикада амалга оширилаётган лойиҳаларда улардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, музокаралар давомида “Рақамли конлар” платформаси негизида углеводородларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича миллий марказ яратиш, Ўзбекистонда қайта тикланувчи ва муқобил энергия соҳасида ҳамда зарур технологияларни етказиб бериш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Ренова” компаниялари гуруҳи ўрнатилган қуввати 14 ГВтга тенг Россиядаги йирик хусусий электр энергияси ишлаб чиқарувчи бўлиб, мамлакатнинг 20 та ҳудудида фаолият кўрсатади.