Бугун ривожланаётган Ўзбекистонни мутлақо бошқа йўлга қўйишимиз керак - Шавкат Мирзиёев

Охирги уч йилда парламентга жуда катта ваколат бердик. Бундай қадамларга катта катта давлатлар энди қадам қўйяпти - президент.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 янв - Sputnik. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сенат мажлисида сўзга чиқиб, Ўзбекистон парламенти бутунлай янги муҳитда иш олиб бораётгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.

"Халқимизни қийнаётган кўп кўп муаммоларимизни сайловчилар аниқ равшан айтди. Олдин очиқ-ошкора дебатлар бўлмаган. 2010-2014 йилларда шундай муҳит бормиди? - деган савол депутатларни қийнаши керак. Одамлар парламентга мутлақо бефарқ эди. Беш йиллик режа нуқтаи назаридан депутатларга катта тайёргарлик кўряпмиз. Жуда катта қонунлар қабул қилиш керак. Дунёда соат сайин рақобат ошиб кетяпти. Шунга муносиб бўлиш учун ўз устимизда ишлашимиз керак.  Янгиланаётган янги Ўзбекистонни тарихига беш йилда замин яратасизлар. Тўғрими нотўғрими, амалга ошадими йўқми, халқ беради баҳони. Халқимизни рози қилишимиз керак. Охирги уч йилда парламентга жуда катта ваколат бердик. Бундай қадамларга катта катта давлатлар энди қадам қўйяпти. Шу ваколатдан халқимизни фойдаси учун тўғри фойдаланамизми йўқми? Бу масала қийнаяпти. Бугун ривожланаётган Ўзбекистонни мутлақо бошқа йўлга қўйишимиз керак", - деди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев парламент тўғри қонунлар қабул қилса, халқчил қонунларни шундай тарихда қолишга муносиб бўлиш имкониятини беришини таъкидлади.

Президент ўз нутқида янги сайланган спикерни табриклади. Шунингдек, у спикер ва унинг ўринбосарлари ўзгариши кераклигини қайд этиб, ҳар бирлари ўз устида ишлашлари лозимлигини таъкидлади.

Президент эртага қўшма мажлисга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.