Алимент тўлашни истамаган ота МИБ ходимини калтаклади

Уч юз минг сўм алимент учун муштумзўр ота МИБ ходимини уриб қовурғасини синдирди ва 6 ойга қамалди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 янв - Sputnik. Ота бир нафар фарзанди учун 300 минг сўм алимент тўловини тўлашдан бош тортиб, ҳужжат ижросини юритаётган МИБ ходимини калтаклади

Қайд этилишича, Фарғонанинг Риштон туманида истиқомат қилувчи қарздор М.Мелибев бир нафар фарзанди учун тўланиши керак бўлган 300 минг сўм алимент тўловини тўлашдан бош тортган. У алимент ундируви ижро ҳужжатини юритувчи МИБ ходимини калтаклаган.  

Қарздор томонидан калтакланган МИБ ходими йиқилиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган. Жабрланувчи 1 ҳафта давомида даволаниш муолажаларини олган.

Қарздор ота бу қилмишини одиндан режалаштирмаганлигини, МИБ ходимларига ҳеч қандай шахсий адовати бўлмаганлигини айтади. Бироқ МИБ ходимининг калтак зарбидан олган тан жароҳатлари биргина кечирим билан тузалиб қолмас эди.

Рентген текширувларига кўра, беморнинг ўнг ўмров суяги, учинчи ўнг қовурғасининг орқа томони синганлиги аниқланган.

Суд ҳукмига кўра, М.Мелибоев ўз вазифасини бажараётган МИБ ходимини калтаклагани учун 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.