Путин Ливиядаги кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини маълум қилди

Россия президенти сўзларига кўра, Москва ва Анқара халқаро сиёсатнинг кўплаб асосий йўналишлари, айниқса минтақа бўйича самарали иш олиб бормоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Ливиядаги можаро тарафлари Россия ва Туркиянинг чақириқларига қулоқ солгани ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Ливия давлатчилигини НАТО йўқ қилди - Лавров

Унинг сўзларига кўра, Москва ва Анқара халқаро сиёсатнинг кўплаб асосий йўналишлари, айниқса минтақа бўйича самарали иш олиб бормоқда. Хусусан, Сиридаги вазиятни тартибга солиш, Эрон ядровий лойиҳаси ва Ливия можароси борасида.

“Айрим воқеалар ҳозиргача бўлиб турганига қарамасдан, ҳар ҳолда икки томон бизнинг чақириқларимизга қулоқ солди”, - деди Путин Туркия президенти Таййиб Эрдоған билан учрашув чоғида.

Унинг сўзларига кўра, эришилган натижа Берлинда Ливия бўйича конференция учун замин ҳозирлаган. Путин Москва Германия канцлери Ангела Меркелнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилган, чунки Ливиядаги можаро барчани хавотирга солмоқда.

Бугун, 19 январь куни Берлинда Ливиядаги вазиятни тартибга солиш бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.