Навоийда 4-қаватли савдо мажмуаси ёниб кетди

Навоий шаҳридаги савдо марказида келиб чиққан ёнғин оқибатида 6та кийим-кечак дўкони ёниб кетди, одамлар орасида жабрланганлар йўқ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 янв - Sputnik. Кеча 16 январ кечқурун Навоий шаҳрида жойлашган 4 қаватли савдо мажмуасида кучли ёнғин содир бўлди, деб хабар қилмоқда ИИВ Тергов департаменти матбуот хизмати.

"16 январь куни соат тахминан 21:15да Навоий шаҳридаги 4 қаватдан иборат бўлган Навоий савдо комплексининг 4-қаватида ёнғин келиб чиққан. Натижада 150 кв.м. бўлган 6 та кийим-кечак савдо дўкони ёниб яроқсиз холга келган, 14 та савдо дўкони эса зарарланган. Тан жароҳати олган фуқаролар ва қурбонлар йўқ", - дейилган хабарда. 

Айни дамда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.