ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Жиззахдаги газ қуйиш шохобчасида портлаш оқибатида бир киши қурбон бўлди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳодиса бугун, 16 январь куни Зарбдор тумани Янгиҳаёт маҳалласидаги “Gaz manbai” МЧЖга қарашли автомобилларга суюлтирилган газ (пропан) қуйиш шохобчасида юз берган.
Қайд этилишича, портлаш таъмирлаш-пайвандлаш ишлари олиб борилаётганида келиб чиққан чақнаш оқибатида рўй берган.
“Натижада мазкур МЧЖ ишчиларидан фуқаро 40 ёшли Ш.А. ҳодиса жойида вафот этган, 44 ёшли Э.И. эса турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган”, - дейилган хабарда.
Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда, портлашнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.