Бухородаги технология институтида ёнғин чиқди

Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг хабар қилишича, ёнғинга бино томидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 янв - Sputnik. Бухоро муҳандислик-технология институти корпусларидан бирида ёнғин чиқди. Аланга олган бино акс этган видео “Потребитель Бухара плюс” телеграм каналига жойлаштирилган.

Бино чоршанба куни тушлик вақтида ёнган. Видеода бино ичидан қора тутун осмонга кўтарилаётгани тасвирланган.

Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Sputnik Ўзбекистон мухбирига хабар қилишича, ёнғинга бино томидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган.

Ёнғинни бартараф этишга иккита қутқарув бўлинмалари иштирок этган. Ҳодиса жойига вилоят ва шаҳар ФВВ раҳбарлари ва Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази раҳбарияти етиб келган.

Ёнғин натижасида етказилган зарар аниқланмоқда. Қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.