Пенсия жамғармаси Hyatt Regency Tashkent пенсия пулларига қурилганини рад этди

Пенсия жамғармаси Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия пулига қурилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Пенсия жамғармаси Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия пулига қурилгани ҳақида интернетда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Таъкидланишича, унда “Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия олувчиларнинг пулига бунёд этилган” мазмунидаги маълумотлар берилиб, бу эса ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқалишига ва аҳоли орасида тушунмовчилик пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилади

“Алоҳида таъкидлаш лозимки, Пенсия жамғармаси маблағлари ҳеч бир кўринишдаги лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланмайди. Хусусан, мақоладаги «Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия олувчиларнинг пулига бунёд этилган»лиги кўрсатилган маълумот нотўғри келтирилган. Ушбу лойиҳага Пенсия жамғармаси томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Жамғарма маблағларидан фақат пенсиялар тўловини молиялаштириш учун фойдаланилади”, - дейилган хабарда.

Амалдаги қонунчилик талабларига биноан, жамғарманинг вақтинча бўш маблағлари мавжуд бўлган ҳолда қисқа муддатли тижорат банкларидаги депозитлар ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштирилади.