Ўзбекистонда яна 20 та мактабда дзюдо секциялари пайдо бўлади

IJF мактабларни татами ва кимоно билан таъминлайди, мураббийларга ҳақ тўлайди. Дастур бўйича жорий этилган мактаблар сони 40 тага етади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси мамлакатда йигирмата умумтаълим мактабида “Мактабларда дзюдо” дастурини амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда ХТВ ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 январида Халқ таълими вазирлиги, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF), Ўзбекистон дзюдо федерацияси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлари иштирокида “Мактабларда дзюдо” дастури бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.

Халқаро дзюдо федерацияси президенти Ўзбекистонга келди

Битимга кўра, Халқаро дзюдо федерацияси лойиҳаси асосида 5-12 ёшли болаларнинг ижтимоий, таълимий ва жисмоний кўникмалари дюздо орқали ривожлантирилади.

Ҳозирда мазкур дастур мамлакатнинг турли ҳудудларидаги 20 та мактабни қамраб олиб, 900 нафарга яқин ўқувчиларнинг дзюдо билан шуғулланиши учун тўгараклар ташкил этилган.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилишида моддий ва маслаҳат кўмагини беришни Халқаро дзюдо федерацияси ўз зиммасига олган. 

Шунга кўра IJF мактабларни татами ва кимоно билан таъминлайди, мураббийларга ҳақ тўлайди. Дастур бўйича жорий этилган мактаблар сони 40 тага етади.

Шунингдек, битимни имзолаш маросимида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.