ТОШКЕНТ, 15 янв - Sputnik. Ўзбекистонда махфий ҳисобланган айрим хариталар, географик ахборот тизимларидан очиқ фойдаланиш бўйича чекловлар олиб ташланади. Бу ҳақда “Давлатергеодезкадастр” қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда махфий бўлган айрим хариталардан очиқ фойдаланиш имкони яратилади. Топографик хариталарнинг махфийлик даражаси кескин пасайтирилиб, маҳаллий координаталар тизимида тайёрланган топографик хариталар махфийлигига чек қўйилади.
Маҳаллий координаталар тизимида тайёрланган барча масштабдаги топографик хариталардан бир вилоят ёки Қорақалпоғистон Республикаси миқиёсида очиқ фойдаланиш имкони бўлади.
Шунингдек, аэро ва космик съёмка материалларидан республика миқиёсида фойдаланиш бўйича барча чекловлар олиб ташланади. Ушбу координаталар тизимларида тайёрланган барча масштабдаги топографик хариталардан бутун республика миқиёсида очиқ фойдаланиш мумкин бўлади.
Шаҳарлар ва шаҳарчаларда 10 кв.км.дан (1 000 гектар) зиёд бўлган ҳудуд учун топографик хариталарнинг махфийлиги даражаси олиб ташланиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларида махсус ва тематик хариталардан фойдаланишга шароит яратилади.