Камилов ҳиндистонлик ҳамкасби билан қатор масалаларни муҳокама қилди

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари 2020 йилда бўлиб ўтадиган олий ва бошқа даражалардаги учрашувлар жадвали, қўшма тадбирлар ўтказиш муддатлари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Деҳли шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар билан учрашди.

Суҳбат бошида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги шафелигида ўтказилаётган “Raisina Dialogue” бешинчи халқаро конференциясига таклиф учун миннатдорлик изҳор этди.

Таъкидланишича, учрашувда президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги муҳим келишувларга асосланган Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Абдулазиз Камилов ташриф билан Ҳиндистонда бўлади

Вазирлар 2020 йилда бўлиб ўтадиган олий ва бошқа даражалардаги учрашувлар жадвали, қўшма тадбирлар ўтказиш муддатлари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият бериши таъкидланди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштиришдан манфаатдорлиги тасдиқланган. Бу эса минтақадаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш учун кенг имкониятларни очиб бериши қайд этилган.

Ушбу мақсадларга эришишга 2019 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган ташқи ишлар вазирлари даражасида Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти мажлисларининг мунтазам ўтказилиши ҳам кўмаклашади.

Хабарда учрашувда маданий-гуманитар, айниқса, таълим ва фан соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилингани қўшимча қилинган.