ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида япониялик мутахассис Эцуаки Ёшида иш бошлади.
Вазирлик хабарида ёзилишича, япониялик мутахассис Ахборот технологиялари корхоналарининг инвестиция фаолиятини жадаллаштириш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш дастурини амалга оширишда хорижий инвестициялар ва халқаро кредит линияларини жалб қилиш билан шуғулланади.
Эцуаки Ёшида 1971 йил Японияда туғилган ва меҳнат фаолиятини Япония банкида бошлаган. Эцуаки Ёшида турли йилларда Япония халқаро молия маркази, тадқиқотлар ва статистика департаменти, Япония халқаро ҳамкорлик банки (ЖБИC)да қатор масъул лавозимларда фаолият юритган.
Эцуаки Ёшида бугунги кунга қадар Япония халқаро ҳамкорлик банки Кредит, баҳолаш ва хатарларни бошқариш гуруҳи Мамлакатни кредитлаш департаменти 3-бўлим директори ва бош иқтисодчиси вазифасида ишлаган.