Ўзбекистондаги биринчи океанариум қаерда барпо этилиши маълум бўлди

Истироҳат боғи тўлиқ модернизация қилингач, бир кунда 10 минг кишигача хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бу аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш билан бирга Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини ҳам оширади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ўзбекистондаги биринчи океанариум Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида  барпо этилади. Президент Шавкат Мирзиёев боғда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, бу ерда замонавий маданият ва истироҳат боғи барпо этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарори асосида бунёдкорлик ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда 9 гектар майдонда океанариум, амфитеатр, кинотеатр, кўнгилочар ўйингоҳ, эртакнамо қаср, мусиқали фаввора, автомобиллар тураргоҳи қурилади. Иккинчи босқичда 12 гектар ҳудудда мавзули парк, болалар учун автодром ва аттракционлар, аквапарк бунёд этилади. 

Ўзбекистондаги биринчи океанариум қаерда барпо этилиши маълум бўлди

Шунингдек, кафе ва ресторанлар, савдо дўконлари ташкил қилинади. Ҳаво мусаффолигини таъминлаш мақсадида каштан, қарағай, япон софораси, магнолия, эман, қайин каби дарахтлар экилади.

Истироҳат боғи тўлиқ модернизация қилингач, бир кунда 10 минг кишигача хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бу аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш билан бирга Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини ҳам оширади.

Давлат раҳбари истироҳат боғининг йил давомида ишлашини таъминлаш, одамлар оилавий дам олиши учун кенг имконият яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Боғда Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиздаги қадимий обидалар макетини ўрнатиб, ёшлар ва сайёҳларнинг тарихимизга қизиқишини ошириш муҳимлиги таъкидланди.