Хитойда коронавируснинг янги турига чалинган беморларнинг биринчиси ҳалок бўлди

Декабр ойи охирида маҳаллий ҳокимият Хубей провинциясининг Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги авж олгани ҳақида хабар берган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавируснинг янги турига чалинган биринчи бемор вафот этди, яна 40 га яқин киши касал бўлиб, бир неча юз нафари назорат остида, дея хабар беради шаҳар соғлиқни сақлаш қўмитаси. РИА Новости хабари асосида.

Хитойда пневмония авж олишининг сабаблари маълум қилинди

Декабр ойи охирида маҳаллий ҳокимият Хубей провинциясининг Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги авж олгани ҳақида хабар берди. Бешинчи январ ҳолатига кўра, 59 та зарарланиш ҳолати қайд этилган. 9 январ, пайшанба куни хитойлик мутахассислар янги турдаги коронавирус ушбу касалликнинг қўзғатувчиси бўлганини аниқладилар.

"Дастлабки ташхис - коронавируснинг янги тури, дея айтилган 41 та ҳолат аниқланди, улардан икки киши касалхонадан чиқарилган, етти киши оғир аҳволда, бири вафот этди, қолган беморларнинг ҳолати барқарор", - дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, ҳозирги вақтда 739 киши, улардан 419 нафари беморлар билан яқин алоқада бўлган шифокорлар, тиббий назорат остида ва ҳозирда уларда зарарланиши аломатлари аниқланмаган.

Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчиси коронавируснинг янги тури эканлигини аниқлаганларидан сўнг, улар дарҳол даволанишни, шунингдек, кузатиш ва ташхис қўйиш усулларини ўзгартирдилар. 10 январ ҳолатига касаллик қўзғатувчисини нуклеин кислотаси усули билан ўрганиш якунланди.

Хитойда пневмония авж олишининг сабаблари маълум қилинди

Хабарда таъкидланганидек, 3 январдан бошлаб янги юқтириш ҳолатлари қайд этилмаган. Бугунги кунга қадар мутахассислар тиббий ходимларнинг инфекцияга чалинганлари ҳолатларини аниқламаганлар ва касаллик одамдан одамга юқаётганининг аниқ белгилари йўқ.

Коронавируслар 30 хил вируслардан иборат оиладир, улар иккита субоилага бўлинади. Улар биринчи марта 1965 йилда ажратиб олинган. Улар одамларга, уй ҳайвонларига, қушларга, чўчқаларга, қорамолларга таъсир қилади. Коронавирус нафас олиш тизимига, ошқозон-ичак тракти ва асаб тизимига жиддий зарар етказиши мумкин.