Эрон Украина самолётини бехосдан уриб туширганини тан олди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва мамлакат ТИВ раҳбари Жавад Зариф авиаҳалокат қурбонлари оилаларига ҳамдардлик изҳор қилиб, кечирим сўрадилар
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Теҳрон яқинида қулаган "Украина халқаро авиалиниялари" йўловчи самолёти "инсон хатоси" туфайли тасодифан уриб туширилган. Бу ҳақда Эрон қуролли кучлари бош штаби баёнот берди, деб хабар қилмоқда Sputnik Яқин чет эл Telegram-канали.

АҚШ-Эрон можароси: Яқин Шарқда кескинлик пасаядими

Бош штаб хабарига кўра, Boeing хатолик туфайли душман самолёти сифатида қабул қилинган, негаки, у муҳим ҳарбий объект яқинидан учиб ўтаётан бўлган.

Баёнотда ушбу ҳодиса Ироқдаги америка базаларига берилган ракета зарбаларига АҚШнинг эҳтимолий жавоби билан боғлиқ бўлган "кучайтирилган жанговар тайёргарлик шарт-шароитларда" юз берганлигини таъкидлаб ўтилган.

Эрон ТИВ раҳбари Жавад Зариф Twitterда ушбу фожиа "АҚШ авантюризми туфайли юзага келган инқироз давридаги инсон хатоси" туфайли юз берганини қўшимча қилган.

Кейинчалик афсус сўзлари Эрон президенти Ҳасан Руҳоний томонидан ҳам билдирилди. У уриб туширилган самолёт учун компенсацияни назарда тутувчи чораларни кўриш ҳамда Эроннинг ракеталарга қарши мудофаа тизими қусурларини йўқотиш устида қатор чораларни ишлаб чиқиш тўғрисида буйруқ берди.

Трамп ва Эрон можаросида Путин ғалаба қозонди – америка ОАВлари

Сал олдин Эрон Украина лайнерини "бехосдан" уриб туширган бўлиши эҳтимоли ҳақида Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам айтган эди. У бу ахборотни канада разведкаси, шунингдек, иттифоқдош разведкалардан олган.

Худди шундай версия, яъни "Украина халқаро авиалиниялари"га қарашли Boeing-737 лайнери зенит ракетаси зарбаси натижасида ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлиги Украина Миллий ва мудофаа хавфсизлиги кенгаши томонидан ҳам илгари сурилганди. Шунингдек, версиялар сифатида самолётдаги техник носозлик ва бортдаги теракт ҳам айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Киевга рейсни амалга ошираётган "Украина халқаро авиалиниялари"га қарашли Boeing-737-800 лайнери чоршанба куни тонг саҳар Теҳрон аэропортидан учиб чиққач, тез орада ҳалокатга учраган. Расмий маълумотларга кўра, бортдаги 176 инсоннинг барчаси ҳалок бўлган. Бортда 167 нафар йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзолари бўлган.