Мирзиёев: “Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш”

Таъкидланишича, солиқ ислоҳотлардан асосий мақсад – жорий ва келгуси йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлаш. Бунинг учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали бюджет тушумларини мунтазам ошириб бориш зарур.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 8 январь куни давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга татбиқ этилди. Президент бу ислоҳотлардан асосий мақсад – жорий ва келгуси йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлаш эканини қайд этди.

Йиғилишда бунинг учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали бюджет тушумларини мунтазам ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

“Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Жойлардаги раҳбарларнинг эскича иш услуби, энергия ресурслари истеъмоли ва тўлови бўйича ҳисоб-китоб юритиши, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашуви танқид қилинди.

Ўзбекистонда солиқ турлари қисқартирилди

“Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак, – дея таъкидлади президент. – Иқтисодий барқарорлик асоси рақобатбардош тадбиркорларни кўпайтиришдир”.

Йиғилишда электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарздорликни қисқартириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва бошқа жойларда дебитор қарздорлик кўпайгани, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида катта миқдорда талон-торожликлар аниқланаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг молиявий аҳволига салбий таъсир этиши билан бирга ҳудудлардаги тадбиркорларнинг электр ва табиий газ таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда.

Давлат раҳбари бундай ҳолатларга чек қўйиб, электр энергияси ва табиий газдан қарздорликни қисқартириш, аҳоли ва тадбиркорларни ушбу манбалар билан узлуксиз таъминлаш зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда берилган топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш учун вилоят ҳокимларининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари молия, солиқ, божхона, банк ва иқтисодий комплекс таркибидаги бошқа ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш ва бюджет даромадларини ошириш бўйича доимий ишлаши зарурлиги қайд этилди. 

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг кўкрагига шамол тегади

Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга халқаро тажриба асосида, тадбиркорлар билан муҳокама қилган ҳолда солиқ текширувлари ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Давлат раҳбари йиғилишда қурилишни молиялаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган объектларда қурилишни бошлаш ва лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилишни молиялаштириш тақиқланиши қайд этилди.

“Бугунги топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш иқтисодий комплексдан катта масъулият талаб этади. Шу боис бу йил ҳукумат ва ҳудудлар учун “иқтисодий комплексни сафарбар қилиш йили” бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.