Хитойда пневмония авж олишининг сабаблари маълум қилинди

Декабр ойининг охирида Хитой ҳукумати Уханда келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги тарқалгани ҳақида хабар берган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Хубэй вилоятининг Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония (зотилжам)нинг авж олишига янги вирус тури сабаб бўлган, дея хабар беради РИА Новости Хитой Марказий телевидениеси маълумотларига таянган ҳолда.

“7 январь куни соат 21: 00 ҳолатига кўра <...> нуклеин кислотаси усули билан синовлардан ўтказилгандан сўнг, янги турдаги коронавирус билан касалланишнинг тасдиқланган 15 ҳолати аниқланди”, - дея аниқлик киритилган хабарда.

Хитойда номаълум касаллик тез суръатларда тарқалмоқда

Мутахассислар қўшимча равишда эпидемиологик текшириш ва касалликнинг клиник кўринишини ўрганиш зарурлигини таъкидлашган.

Декабр ойининг охирида ҳукумат Уханда келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги тарқалгани ҳақида хабар берган эди. 5 январ ҳолатига, шаҳарда вирусли пневмониянинг 59 ҳолати аниқланган, етти киши оғир аҳволда. Шифокорлар назорати остида беморлар билан яқин алоқада бўлган 163 киши қолмоқда.

Баъзи беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари бозорида ишлаганлар. Ҳозирги вақтда касалликнинг одамдан одамга юқиши аниқ белгилари йўқ, ўлиш ҳолатлари қайд этилмади.

Коронавируслар - икки гуруҳга бирлашган 30 дан ортиқ вируслардан иборат оиладир. Улар биринчи марта 1965 йилда ажратиб олинган. У одамларга, уй ҳайвонларига, қушларга, чўчқаларга, қорамолларга зарар етказади.