Президент қурилиш соҳасини ривожлантриш учун нима қилиш кераклигини айтди

Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасида инновацион технологияларни жорий этишга бағишланган мажлис ўтказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 янв – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 январ куни қурилиш соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган мажлис ўтказди. Йиғилишда қурилиш соҳасидаги муаммо ва камчиликлар кескин танқид қилинди. 

Хусусан, Ўзбекистондаги мавжуд қурилиш ташкилотларида ишчилар сони ва касб малакаси тўғрисида маълумот юритилмаслиги, ҳудудлардаги барча қурилишлар ягона буюртмачи хизмати ташкилотларига топшириб қўйилгани ҳамда  қурилиш хавфсизлиги, сифати ва натижаси назорат қилиш ўрнига фақат жараённи назорат қилинаётгани айтиб ўтилди.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш, соҳани замонавий асосда ривожлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёев бир қатор чора тадбирларни белгилаб берди:

  • лойиҳа институтлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий тажриба асосида тендерлар ўтказишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, бу борада электрон тизимни эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида жорий этиш; 
  • Қурилиш, Молия, Адлия вазирликлари ва бошқа мутасадди ташкилотларга жорий йил 1 июлгача қурилиш корхоналари фаолиятини баҳолаш рейтингини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу рейтингда ишчилар сони ва малакаси, бажарилган ишлар ҳажми, солиқ ва кредитларнинг ўз вақтида тўланиши каби мезонлар ўз аксини топади; 
  • қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юклатилди; 
  • қурилиш соҳасида давлат назоратини бутунлай янгича асосда ташкил этиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш;
  • Меҳнат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қурилиш соҳасида ўрта бўғин мутахассислари ва ишчи касблар классификаторини жорий қилиш ҳамда унга мувофиқ коллежларда қурувчилар тайёрлаш вазифаси қўйилди; 
  • Қурилиш саҳасига оид таълим дастурларини юқори технологиялар ва инновацион ёндашувлар асосида янгидан ишлаб чиқиш, бўлажак кадрларни замонавий лойиҳалаш ва дастурий таъминот, хусусан, BIM (Building Information Modeling) технологиялари билан ишлашга ўргатиш кераклиги таъкидланди; 

Маълум бўлишича бугунги кунда Ўзбекистонда 22 мингга яқин қурилиш-пудрат ташкилотлари бор. Республикада бунёдкорлик ишлари кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Янги уй-жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объектлари қурилмоқда.