Шавкат Мирзиёев халқаро мукофотга сазовор бўлди

Ушбу мукофотга турли йилларда Туркия президенти Сулаймон Демирел, Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва бошқалар сазовор бўлган.
Sputnik

 

ТОШКЕНТ, 4 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Туркий дунё тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” халқаро мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар қилди.

Қайд этилишича, мукофот соҳибининг исми-шарифи TURKSAV​ ҳайъати ҳайъат қўмитаси томонидан Туркия ва хорижий давлатларнинг таниқли сиёсатчилари, иқтисодчилари, фан ва санъат намоёндаларининг 2019 йилдаги фаолиятини ўрганиш натижалари асосида эълон қилинган.

TURKSAV​ мукофотини топшириш маросими 2020 йил май ойида Анқарада Туркия парламенти, ҳукумати, кенг жамоатчилиги, ишбилармон доиралари ва санъат арбоблари иштирокида тантанали тарзда ўтказилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашда 4та ташабуус билан чиқди

Ҳар йили бир марта бериладиган ушбу халқаро мукофот ҳайъатининг қарори Ўзбекистон раҳбарининг “мамлакатнинг ташқи дунё, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларини изчил мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматлари ва амалий ҳиссаси, шунингдек, Туркий кенгашдаги ҳамкорликни сезиларли даражада жонлантиргани, ушбу ташкилот доирасидаги янги ташаббуслар, шу жумладан 2020 йилда Хива шаҳрини “турк дунёсининг маданий пойтахти” деб эълон қилиш бўйича ташаббуси“ учун бир овоздан қабул қилингани маълум қилинди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ўзгаришларга юқори баҳо берди. Мамлакат раҳбарининг изчил ислоҳотларни ўтказишдаги кенг кўламли фаолияти, самарали ишлари, Туркий дунёнинг муҳим давлати бўлган Ўзбекистоннинг жадал тараққиётини таъминлаётган стратегик курс, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг янада ривожланиши учун қулай ички ва ташқи шароитлар яратилаётгани таъкидланди.

“Туркий дунё ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун” ва “Туркий дунё тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” халқаро мукофотлари Туркий дунё ёзувчилари, зиёлилари ва санъаткорлари жамғармаси (Türk Dünyası Yazarlar ve Sanatçılar Vakfı –TURKSAV​) ташаббуси билан таъсис этилган.