Чинозда қўлбола портловчи модда мактаб ўқувчисининг ўлимига сабаб бўлди

Чинозда уч йигит темир қувурга олтингугурт ва магма аралашмасини солиб ёқишган. Ёқиш вақтида темир қувур 8-синф мактаб ўқувчисига бориб теккан.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 8-синф ўқувчиси қўлбола портловчи модда қурбони бўлди.

Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит пақилдоқдан жиддий жароҳат олди

ИИБ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, 2020 йил 01 январь куни тахминан соат 16:30 ларда фуқаролар 20 ёшли Х.Э., С.А. ва Б.М.лар Сарбозор кўчасида 60 см узунликдаги темир қувур ичига қўлбола усулда магма ва олтингугурт аралашмасини жойлаштиришган. Кейин уни ёқишган вақтларида у 8-синф мактаб ўқувчиси С.Ғ.га бориб теккан. Унинг оқибатида тан жароҳати олган С.Ғ. туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Аммо унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 2501–моддаси 3-қисми “в” банди (одам ўлишига сабаб бўлган пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.