Ҳарбий спортчилар Ўзбекистон президенти номидан тақдирланди

Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари 2019 йил давомида республика ва халқаро миқёсдаги чемпионат ҳамда мусобақаларда жами 800 та медални қўлга киритган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон ҳарбий спортчилари мамлакат президент номидан тақдирланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар қилди.

Спортчилар мамлакат спортини дунёга танитишда, эришилган юқори натижалари, Қуролли Кучлар нуфузини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланган.  Тантанада Мудофаа вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти иштирок этди.

Ҳарбий спортчилар Ўзбекистон президенти номидан тақдирланди

Лейтенант ҳарбий унвони топширилган контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Бектемир Мелиқўзиев, лейтенант ҳарбий унвони топширилган контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Миразизбек Мирзахалилов, Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензияни қўлга киритган Никита Рафалович ва Адҳамжон Эргашев, “Туркиш опен” ҳамда “Россия опен” халқаро турнирларининг ғолибаси Нигора Турсунқуловалар тақдирланган.

Ҳарбий спортчилар Ўзбекистон президенти номидан тақдирланди

Шунингдек, жиу-житсу спорт тури бўйича Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихида илк жаҳон чемпиони бўлган майор Анвар Муқимов тақдирланган.

Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари 2019 йил давомида республика ва халқаро миқёсдаги чемпионат ҳамда мусобақаларда жами 800 та медални қўлга киритган, шундан 265 таси халқаро турнирларда эришган ғалабалари натижасидир.

Халқаро майдонда ҳам тан олинган спортчилар пойтахтдаги 102-махсус мактаб интернат ўқувчиларига ўзларининг совғаларини топширдилар.