Вазирликлар Литвада оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари бўйича баёнот берди

Интернет тармоқларида “AMILEE BAHORA” хусусий бандлик агентлиги орқали хорижга ишга кетган бир гуруҳ фуқароларнинг Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида қийин аҳволда меҳнат қилаётгани тўғрисида маълумотлар тарқалди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги Латвия ва Литвада қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ вазият Латвиядаги элчихонаси назоратида эканлигини маълум қилди.

Аввалроқ “AMILEE BAHORA” хусусий бандлик агентлиги  томонидан ушбу мамлакатларга юборилган ва қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларнинг видеомурожаати ОAВда тарқалган эди.

Бу хабарларга Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам муносабат бирдирди.

ТИВ Россияда маошини ололмаётган ўзбекистонликлар бўйича расмий маълумот берди

Қайд этилишича, мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Вильнюсдаги фуқаролар билан боғланилган. Вазиятни ўрганиш юзасидан ишлар давом эттирилмоқда.

Айни пайтда Агентлик Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захираланган маблағлар ҳисобидан жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатиш, Литвадан қайтиш истагидаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўрмоқда.

Вазирлик ушбу фуқароларни хорижга ишга жўнатиш мажбуриятларини тўлиқ даражада бажармаган “AMILEE BAHORA” агентлигига нисбатан белгиланган тартибда жазо чораларини кўриш, лицензияланадиган фаолият турини камчиликлар бартараф қилингунга қадар тўхтатиб туриш масаласини кўриб чиқмоқда.

Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ёки оғир аҳволга тушиб қолганда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига 71 202-33-55 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Бундан ташқари, Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвия, Литва, Эстония, Финландия ва Норвегия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда мамлакатнинг Рига шаҳридаги элчихонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +371 67-32-24-24, +371 67-32-23-46.