Сохта "Юлдуз Усмонова" Тожикистон аҳолисини катта пулга чув туширди

Мухлислар қаршисига уларнинг севимли санъаткори ўрнига саҳнага унинг қиёфадоши чиқиб келади. Ушбу сохталик биринчи қўшиқданоқ фош этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 дек - Sputnik. Ўзини Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова деб таништирган фирибгар аёл Тожикистоннинг Истаравшан шаҳри аҳолисини 110 минг сомоний (тахминан 11,5 минг доллар)га чув туширди.

Юлдуз Усмонова Москвада – энг ёрқин фото-суратлар

Бу ҳақда Sputnik Тожикистон Telegram-канали хабар бермоқда.

Ўзбек санъати примадоннасининг Тожикистонда ҳам мухлислари кўп, шу боис, концертга чипталар бир зумда сотилган, аммо концерт бошлангач, саҳнадаги Юлдуз Усмонова эмаслиги аён бўлади.

Примадонна ўрнига унинг клони мухлислар қаршисига чиққан эди. Аёл ҳарчанд ўзини халқ артисти қиёфасига солмасин, биринчи қўшиғиданоқ унинг сохта "Юлдуз Усмоновалиги" аён бўлади, бу ёлғонни у ҳатто кўзига қора кўзойнак тақиб ҳам яшира олмади.

Асл мухлислар дарҳол унинг сирини фош қилишади.

Шу билан бирга, концертга чипта сотиб олган мухлисларни реклама банерларидаги "декабрь" ўрнига "декабИр", "контроль" (назорат) чўзи ўрнига "кАнтроль" деб ёзилгани ҳам шубҳага солмаган.

Уч юзта чиптани 350 сомоний (35 доллар)дан сотган концерт ташкилотчиси воқеа жойидан ғойиб бўлган.

Алданган мухлислар ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қиладиларми - номаълум.