ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. Қарши шаҳрида (Қашқадарё вилояти) буюк аллома - Абу-л-Муин Насафий илмий меросига бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” мавзусида халқаро анжуман ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири воқеа жойидан.
Тадбирда Туркия, Миср, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан таниқли исломшунос олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишмоқда.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бунёд этилган Қарши туманидаги Абу-л-Муин Насафий мажмуасини зиёрат қилдилар. Мажмуа негизида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона, чойхона қуриб битказилди.
“Анжуман иштирокчилари Абу-л-Муин Насафий асарлари, унинг ислом илм фанида тутган аҳамияти, Ўзбекистоннинг дунё тамаддуни ривожидаги муҳим ўрни ҳақидаги маърузалар билан чиқиш қилмоқда. Дунё миқёсида халқаро терроризм, радикализм, экстремизм каби чегара билмас таҳдидларнинг хавфи ортиб бораётган бугунги кунда ҳам маърифат жаҳолатга қарши урашишнинг энг самарали воситаси сифатида тан олинмоқда. Шу боисдан бу муҳим масала ҳар доим ҳам илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган. Буюк аждодимиз Абу-л-Муин Насафийнинг ақида масалалари йўналишида ёзган асарлари ана шу жиҳатдан барча даврларда ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотмаган.
Дунё бугун 21 асрнинг иккинчи ўн йиллигини яунлаш арафасида турибди. Давримизнинг зига хос мураккаблиги шундаки, жаҳолатга асир кучлар, разолат ботқоғига ботган оқимлар ўз мақсадларига етиш йўлида муқаддас таълимотларни қурол қилишга интилмоқдалар. Бу оқимлар илгари сураётган ёлғон ақидалар, асоссиз даъволарга қарши курашиш кучли далилланган имий хулоса, раддиялар битилган манбаларни талаб қилади. Айнан бунга жавобни буюк аждодимиз Абу-л-Муин Насафий каби алломаларнинг бизгача етиб келган илмий меросидан топамиз”, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 72 сессиясиясидаги нутқида ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаган. Ўз чиқишларининг бирида Абу-л-Муин Насафийга “минг йил олдин жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома”, дея таъриф берган эди. Насафий илмининг амалий аҳамиятига қарамасдан, шу пайтга қадар унинг мероси етарли даражада ўрганилмаган.