ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат “Халқ сўзи” нашрида 25 декабрь куни эълон қилинди ва шу кундан қонуний кучга кирди.
“Прокуратура” тўғрисидаги қонуннинг 49-моддасидаги (Прокуратура органлари ходимининг дахлсизлиги) прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик ва интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилади деган банд чиқариб ташланган.
“Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунининг 37-моддасидан (ДХХ ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари) ДХХ ҳарбий хизматчиси тегишинча Қорақалпоғистон, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас деган банд чиқариб ташланган.