ТОШКЕНТ, 25 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни грант маблағларини фаол жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Йиғилишда ҳозиргача мавжуд бўлган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Масалан, ҳозирда республика бўйича 667 миллион доллар грант ҳисобига 160 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лекин ушбу лойиҳалар ҳолати, маблағларни ўзлаштириш самарасини баҳолаш, мақсадли ишлатиш устидан назорат механизми йўқ. Грантлар ҳисобига ишга туширилган объектлар ва ускуналардан, лойиҳалар доирасида орттирилган тажрибадан самарали фойдаланилмаяпти. Илм-фан, инновация, экология каби соҳаларга грантлар кам жалб этилаяпти.
Шу боис грант маблағларини фаол жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича навбатдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Ҳар бир устувор соҳа ва тармоқ бўйича янги грант маблағларини жалб этиш бўйича топшириқлар берилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига грантлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини баҳолаш бўйича янги тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хориждаги ваколатхоналар билан биргаликда халқаро донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2020 йилда грантлар жалб этиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиши, бу маблағлар устувор мақсадларга ва аниқ лойиҳаларга йўналтирилиши зарурлиги таъкидланди.
Мисол учун, соғлиқни сақлаш тизими бўйича онкология, болалар хасталиклари ва ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар, лабораториялар ташкил этиш каби устувор йўналишларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЖАЙКА, КОИКА каби донорлар маблағларини жалб қилиш мумкин”,- дейилган хабарда.
БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондига ҳам грантлар келишини кўпайтириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Беғараз ёрдам ҳисобига хорижий мутахассислар ва волонтёрларни жалб этиш кўламини кенгайтириш, улар билан доимий мулоқот олиб бориб, тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.