Самолётда йўловчи ҳаво кемаси ходимига ташланди

Тошкент маҳаллий аэропортидан “Тошкент – Наманган” йўналишида учаётган йўловчи ҳаво кемаси борт кузатувчилари бригадири билан жанжалашиб, унга тан жароҳати етказган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Тошкент маҳаллий аэропортидан “Тошкент – Наманган” йўналишида учаётган йўловчи ҳаво кемаси борт кузатувчилари бригадири билан жанжалашиб, унга тан жароҳати етказган. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Водийга учган самолёт ноқулай об-ҳаво сабаб Тошкентга қўнди

Қайд этилишича, шу йилнинг 8 декабрь куни 1989 йилда туғилган фуқаро О.Л. Тошкент маҳаллий аэропортидан “Тошкент – Наманган” йўналишидаги рейсда учиш учун ҳаво кемасига чиққан. 

Сўнг самолёт бортидаги йўловчилар ва ҳаво кемаси экипажи олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, борт кузатувчилари бригадири Р.Мухаметзянова билан ўзаро жанжал чиқарган, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ҳолат бўйича етиб келган хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларининг тинчлантиришига қарамай, аёл тўсатдан борт кузатувчилари бригадирига ташланиб, уни уриб-дўппослаган, бўйин қисмининг чап соҳасига тан жароҳати етказган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро О.Л.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.