Ўзбекистонда парламент сайловлари бошланди

Сайловда 20,5 миллиондан ортиқ сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 дек - Sputnik. Ўзбекистонда парламент сайловлари бошланди. Соат 08:00да Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сайлов участкалари очилди. Уларнинг фаолияти соат 20:00га қадар давом этади.

Сайловда 20,5 миллиондан ортиқ сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериши мумкин.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 10 миллион 147 минг 772 нафари эркак, 10 миллион 355 минг 690 нафари аёл; 2 миллион нафар илк бор сайловда қатнашиб, овоз бериш ҳуқуқидан биринчи марта фойдаланиши кутилмоқда.

Сайловлар янги Сайлов кодексига биноан ўтказилмоқда. Унда илк бор бешта сиёсий партия иштирок этмоқда: Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси.