Олий суд раиси: суд Интернетдан олиб иш кўрмайди – расмий мурожаат лозим

Козимжон Комиловнинг сўзларига қараганда, ҳозиргача 4 та маъмурий ҳуқуқбузарлик рўй берган ва сайловдаги ҳуқуқбузарлик бўйича ҳамма судлар ошкора тартибда кўрилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Олий суд раиси Козимжон Комилов ҳозирги кунга қадар сайлов кампанияси бошлангандан буён судларга туман (шаҳар), вилоят Халқ депутатлари кенгаши сайловини ўтказиш ва ташкил этиш билан боғлиқ 7 та шикоят келиб тушганини маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Унинг сўзларига қараганда, ҳозиргача 4 та маъмурий ҳуқуқбузарлик рўй берган ва сайловдаги ҳуқуқбузарлик бўйича ҳамма судлар ошкора тартибда кўрилган.

Бош прокурор сайловга оид прокуратурага нечта мурожаат келиб тушганини маълум қилди

Комилов суд интернетдан олиб иш кўрмаслиги ва бунинг учун расмий мурожаат лозимлигини таъкидлади.

Қайд этилишича, Олий суд раисининг 2019 йил 13 декабрдаги 35-фармойишига асосан сайлов ўтказилиши муносабати билан судларга келиб тушадиган мурожаатларни қисқа муддатларда ва қонуний кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Олий судга ҳамда барча судларда штаблар тузилиб, 2019 йил 16 декабрдан 2020 йил 3 январга қадар барча вилоятлар ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар, туман (шаҳар) маъмурий судларида узлуксиз навбатчилик ташкил этилган.

Сайлов билан боғлиқ маъмурий низолар ҳамда ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш маъмурий судлар судловига таалуқлидир.

Бугунги кунда республика бўйича 213 та маъмурий судлар ташкил этилган бўлиб, уларда фаолият кўрсатиш учун 278 та судьялик лавозимлари штати белгиланган.