Бош прокурор сайловга оид прокуратурага нечта мурожаат келиб тушганини маълум қилди

Бош прокуратурада салоҳиятли ходимлардан иборат Штаб ташкил этилган ва унга бош прокурор ўринбосари, бир неча йиллар Марказий сайлов комиссиясида фаолият кўрсатган Светлана Артикова раҳбарлик қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 дек – Sputnik. Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев сайлов кампанияси давомида прокуратурага 65 мурожаат тушганини маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Унинг сўзларига кўра, Бош прокуратурада салоҳиятли ходимлардан иборат Штаб ташкил этилган ва унга бош прокурор ўринбосари, бир неча йиллар Марказий сайлов комиссиясида фаолият кўрсатган Светлана Артикова раҳбарлик қилмоқда.

Ҳудудлар кесимида, мурожаатлар, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларига 1 тадан, Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига 2 тадан, Бухоро вилоятига 3 та, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларига 4 тадан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига 6 тадан, Фарғона вилоятига 7 та, Сурхондарё вилоятига   24   та   тўғри   келади.

Ёғли таклиф: депутатликка номзод сайловчиларни мой билан сотиб олмоқчи бўлди

Мурожаатларнинг 30 таси бевосита фуқаролардан, шу жумладан, 9 таси сайловда иштирок этаётган номзодлардан ҳамда 35 таси давлат органлари ва муассасалар,  хусусан,   Марказий   сайлов   комиссиясидан   келиб   тушди. Мурожаатларнинг 12 тасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 53 тасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилаётган сайловларга боғлиқ масалалар ёритилган.

Мурожаат ва шикоятлар мазмунига келсак, келиб тушган мурожаатларнинг 37 таси ёки қарийб 56 фоизида
сиёсий партиялар томонидан муайян шахсларнинг номзод сифатида кўрсатилмаганлиги, бунинг оқибатида улар сайловда иштирок эта олмаганлиги қайд   этилган.

Шу мазмундаги шикоят билан  мурожаат қилган фуқароларга қонун талаблари тушунтирилган.

Қайд этилишича, мурожаатларнинг 11 тасида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари вакиллари сайлов жараёнига ноқонуний аралашганлиги   ҳақидаги   важлар   баён   этилган.

Ўзбекистонда қанча маҳбус сайловларда овоз беради

Мазкур мурожаатлар прокуратура органлари томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Лекин маҳаллий ижроия ҳокимияти вакиллари сайлов жараёнига аралашганлигини тасдиқловчи   далиллар   аниқланмади.

Келиб тушган яна 7 та мурожаатларда номзодлар депутатликка мос эмаслиги ҳақида важлар келтирилган.

Мазкур мурожаатларни ўрганишда, номзодларнинг сайловда иштирок этишига монелик қилувчи ҳолатлар аниқланмаган.

Қолган 10 та мурожаатлар сайловчилар исми, шарифини қайд этиш ва шу каби бошқа ташкилий, техник хатоликлар билан боғлиқ бўлиб, улар жойида бартараф этилди.

Бош прокуратура ҳозирда ижтимоий тармоқларда  ҳудудларда сайлов ўтказилишида қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда.