ТОШКЕНТ, 21 дек - Sputnik. Ўзбекистон фуқаролари – “ICA Construction” компанияси ходимларининг асосий қисми 19-декабрь ҳолатига кўра иш ҳақларини тўлиғича олди. Қолганларнинг маошлари ҳам келишилган жадвал асосида берилади. Бу ҳақда ТИВ Санкт-Петербург шаҳридаги мамлакатнинг бош консулхонаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Хабарда ёзилишича, бош консулхона ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги Ваколатхонаси ходимлари Колпино шаҳрига борган. Ўзбекистон фуқаролари ва “ICA Construction” компаниясининг масъул ходимлари билан бўлиб учрашувлар ўтказилган. Унда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилган.
Аввалроқ ОАВда ушбу компания ишчиларининг маошлари берилмаётгани ва ётоқхонадан мажбурий чиқариб юборилаётгани тўғрисидаги мурожаати тарқалган эди.
Консуллик ҳуқуқий департаменти Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненец автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +7-965-029-41-49.