“Пахтакор” афсонаси Юрий Пшеничников ҳаётдан кўз юмди

“Пахтакор” тарихидаги энг машҳур дарвозабонлардан бири Юрий Пшеничников ҳаётдан кўз юмди. У клуб ва ўзбек футболи тарихида энг яхши посбонлардан бири сифатида ўз номини ёздириб қўйган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 дек - Sputnik. “Пахтакор” тарихидаги энг машҳур дарвозабонлардан бири Юрий Пшеничников ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар қилди.

“Пахтакор” футбол клуби Юрий Пшеничниковнинг оила аъзолари, яқинлари ва дўстларига ўз ҳамдардлигини билдиради. Унинг исми клубимиз тарихидан ўчмас ном олган ва доимо ёдимизда бўлади”,  - дейилади хабарда.

Пшеничников узоқ йиллар мобайнида “Пахтакор” дарвозасини ишонч билан қўриқлаб, ишқибозлар меҳрини қозонган.  1960-67 ва 1972 йилларда чемпионат баҳсларида 203 учрашувда майдонга тушган. Жами 250га яқин беллашувларда “Пахтакор” шаънини ҳимоя қилган ва клуб ва ўзбек футболи тарихида энг яхши посбонлардан бири сифатида ўз номини ёздириб қўйган. Мураббийлик фаолиятида эса кўплаб клубларда ишлаб, шогирдлар тарбиялади.