Биз сайловларга тайёрмиз: МСК раиси Ўзбекистон халқига мурожаат қилди

Абдусаломовнинг таъкидига кўра, Ўзбекистондаги ва хориждаги 10 минг 260та сайлов участкалари овоз бериш учун тайёрлаб қўйилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 дек - Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов халқга мурожаат қилди.

Абдусаломов эртага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар куни эканлигини эслатиб, сайлов мамлакатнинг демократик тараққиётини белгилашда, ижтмоий-иқтисодий ривожланишида, халқ фаровонлигини юксалтиришда  ва давлатнинг халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Сайлов бюллетени қандай кўринишга эга бўлади – Адлия вазирлиги

МСК раҳбари сайловлар нега "Янги Ўзбекистон",  "Янги сайловлар" шиори остида ўтаётганини тушунтирди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакат ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйди. Иқтисодиёт ривожланиб, одамларнинг ҳуқуқий-сиёсий онги, фаоллиги юксалиб бормоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва ошкоралик тобора мустаҳкамланмоқда.

Бу йилги сайловларга тайёргарлик ишлари бундан икки йил аввал бошланган эди. Сайлов қонунчилиги тубдан янгиланиб, миллий тажрибамиз ва халқаро стандартларга мос Сайлов кодекси қабул қилинди.

Кодексда сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилди.  

"Марказий сайлов комиссияси эшитади"

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилмоқда. Сайловларни ўнта нуфузли халқаро ташкилотлар, дунёнинг элликка яқин давлатларидан 825 нафар халқаро кузатувчилар ҳамда 1155 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб бораётгани бунинг далилидир.

Бундан ташқари, сайловларда иштирок этаётган бешта сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд вакил сайловларни кузатиб бормоқда. 

"Сайлов ўзининг, фарзандларининг эртасини ўйлаган миллат, халқ ҳамда Ватанини севган ҳар бир инсон учун улкан имкониятдир. Сайловлар орқали мамлакатимиз парламенти, маҳаллий кенгашлар янгиланади. Сиз сайлаган вакиллик органлари томонидан давлат бошқаруви органлари тизими шакллантирилади", - деди Абдусаломов.

Энг камҳаражатли парламент сайловлари Ўзбекистонда

Ўзбекистон фуқароларининг сайловларда фаол иштирок этиши Ўзбекистон президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар самардорлиги, юрт тинчлиги ва ободлиги, эртанги кун фаровонлигига бевосита боғлиқдир, деб ҳисоблайди МСК раҳбари.  

"Қадрли сайловчилар! Мамлакатимиздаги ва хориждаги 10 минг 260та сайлов участкалари Сизнинг овоз беришингиз учун тайёрлаб қўйилди. Эртага ҳар биримиз Конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиб, муносиб номзодларга овоз берсак, билимли, фидойи, замонавий фикрлайдиган, дунёқараши кенг  депутатлар сайланади. Бу халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига хизмат қиладиган адолатли қонунлар ва қарорлар қабул қилишни кафолатлайди. Мен Сиз, азизларни - барча юртдошларимизни сайловларда фаол иштирок этишга даъват этаман!", - деб таъкидланди телемурожаатда.