ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистонда хорижий янгиликлар сайтлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича веб-ресурсларга бўлган чекловлар аллақачон бартараф этилганини маълум қилди.
Агентлик хабарига кўра, “The Diplomat” халқаро интернет журнали муҳаррири Кэти Путц (Katie Putz) Twitter᾽даги саҳифасида инсон ҳуқуқлари бўйича хорижий веб-ресурсларига кира олмаётгани ҳақида ёзиб қолдирган. “Human Rights Watch” ташкилоти собиқ вакили, инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат ва Марказий Осиё бўйича эксперт Стив Свердлов эса унга жавобан инсон ҳуқуқлари бўйича танқидий веб ресурсларга (@ahrca, @IPHR, @UGFHumanRights, @nhc_no) Ўзбекистонда кириш имконияти чекланганини билдирган.
Расмий хабарда билдирилишича, ушбу ҳолат юзасидан Агентлик мутахассислари ўрганиш олиб борган ва юқорида тилга олинган веб-ресурсларга киришга чекловлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
“Ўзбекистонда хорижий янгиликлар сайтлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича веб-ресурсларга бўлган чекловлар аллақачон бартараф этилган. Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати чеклов ва тақиқларга эмас, балки очиқликни таъминлашга қаратилганини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз”, - дейилади хабарда.