ТОШКЕНТ, 20 дек – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга кўра, сунъий ташкил этилган мухолифат партияси ҳеч қандай иш бермайди. У бу ҳақда бугун Халқаро Пресс Клубнинг "Янги Ўзбекистон-янги сайловлар" мавзусига бағишланган сессиясида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга Ўзбекистонда мухолифат партиялар йўқлиги, уларда жасорат етишмаётганлиги ҳавотирланишга сабаб бўлмайдими, деган савол берилди.
"Биласизми, мени бу ҳавотирга солмаяпти. Агар ҳозирги замонда қандайдир сунъий мухолифат партияси пайдо бўлганида, бу мени ҳавотирга солиши мумкин эди. Сабаби, бу жараённинг сунъийлигини кўрсатади. Сунъий ташкил этилган, "юқоридан" олиб кирилган мухолифат партияси ҳеч қачон иш бермаган ва бермайди ҳам. Ишончим комилки, мухолифат бу жамиятнинг ички палагидан табиий равишда ўсиб чиқиши, халқнинг орзу умидларини ифодалаши керак. Ҳукумат ўзи шу мухолифат партияларни таъсис этиш керак, деган таклифлар бериляпти. Бу ғайритабиий ҳол", - деди Сафоев.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат, парламент биринчи навбатда бугунги қонун доирасида иш олиб бориши керак.
"Ўзбекларда "Борига бозор"деган яхши гап бор. Мана бугунги кунда кўриб турибсиз, партияларимиз мана шу жараёнларда дебатлар, қарама-қарши кескин музокаралар олиб бориляпти. Бу мухолифатнинг аста-секин илдиз отаётганлигини кўрсатади", - деб қайд этди сенатор.
Сафоевнинг фикрича, муҳими Ўзбекистонда қонунлар, институционал жараён шундай бўлиши керак-ки, табиий ўсиб келадиган мухолифатга тўсиқ қўйилиши керак эмас.
"Мен аминманки, партияларни рўйхатга олиш жараёнини енгиллаштириш масаласини кўриб чиқиш керак. Бу менинг шахсий фикрим", - дея тушунтирди Сафоев ва мустақил номзодларга имконият яратилиши Ўзбекистондаги плюрализмга фақат ижобий таъсир кўрсатишини қўшимча қилди.