Юнусобод метроси фожиаси: ҳозир нималар рўй бермоқда?

Ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ, Юнусободдаги метро қурилиши вақтида ҳалок бўлган олти нафар ишчининг ҳар бири оиласига 100 млн сўмдан конпенсация пули тўланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлган ҳар бир ишчининг оиласига  конпенсация тўловининг ажратилиши ваъда қилинмоқда. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси матбуот хизмати маълум қилди.

Юнусободдаги авария қурбонлари сони ошди - рўйхат

Қайд этилишича, Ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ, Юнусободдаги метро қурилиши вақтида ҳалок бўлган олти нафар ишчининг ҳар бири оиласига 100 млн сўмдан конпенсация пули тўланади.

“Инсон ҳаёти баҳосиздир ва ҳеч қандай конпенсация тўлови ҳалок бўлган ишчиларнинг яқинлари бошидан кечираётган йўқотиш ўрнини тўлдира олмайди. Биз фожиали ҳалок бўлганлар оиласига муносиб яшаш шароитини таъминлаб беришга ҳаракат қиламиз”,-дейилади "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси хабарида.

Бош прокуратура нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, янги метро қурилиши билан боғлиқ юз берган ҳодиса юзасидан ЖКнинг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258 (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Айни дамда ушбу моддалар асосида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.