ТОШКЕНТ, 17 дек – Sputnik. Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласи Ўзбекистон учун долзарб масала ҳисобланади, деб таъкидлади Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Санжар Валиев. Sputnik Ўзбекистон мухбири хабарига асосан.
“Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласи кўриб чиқилаётган бир вақтда ЖСТга киришига тўсқинлик қиладиган бирон бир тўсиқни кўрмаяпман. Чунки иккала ташкилот томонидан қўйилган қоида ва талаблар Ўзбекистон бозорини ташқи савдо учун янада очиқроқ бўлишга қаратилган. Бу биз учун ҳар жиҳатдан фойдали”, - дейди мутахассис.
Беларусдан ташқари ЕОИИнинг барча давлатлари ЖСТ аъзоси ҳисобланади. Беларус ҳам 2020 йилда бу мақомга эга бўлади. Шунинг учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.
СМТИ вакили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи кун тартибига ҳам тўхталди.
Мутахассис ядровий қуролсизланиш мавзуси ҳам ниҳоятда муҳим эканлиги ва бу борада иккала мамлакатда ҳам ўхшаш тушунча ва вазифалар борлигини таъкидлади. Валиев Тошкент ядро қуролидан воз кечиш бўйича глобал ҳаракатнинг тарафдори бўлиб қолаётганини таъкидлади.
"Расмий Токио ҳам бу йўналишда жиддий қадамлар ташламоқда ва биз бундай давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Бу масалалар жуда муҳим, аммо ушбу ташриф давомида улар марказий аҳамиятга эга бўлмайди", - деди Валиев.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарининг Японияга биринчи расмий ташрифи авваламбор давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган.