Бухоро ҳокимияти ҳожатхонада дарс ўтаётган ўқувчилар суратига муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқда Когон шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактабининг ҳожатхонасидан ўқувчилар учун синф хонаси ташкил этилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 дек – Sputnik. Бухоро ҳокимияти ҳожатхонада дарс ўтаётган ўқувчилар суратига муносабат билдирди.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, интернетда тарқалган хабар вилоят Халқ таълими бошқармаси мутасаддилари томонидан батафсил ўрганилган.

Ўзбекистонда “Замонавий мактаб”ларни ташкил этишга 4 трлн сўм сарфланади

Таъкидланишича, мазкур таълим мактаби 1986 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда 2013 йилда капитал таъмирдан чиқарилган 1051 ўринли замонавий бинода жойлашган.

Унда 2019-2020 ўқув йилида 1573 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келинмоқда. Мактаб биноси 3 қаватдан иборат бўлиб, 1986 йилда ҳар бир қаватида ички ҳожатхона, ювиниш хоналари лойиҳалаштирилган бўлса-да, барча қаватларда ҳожатхона йўқ.

Таълим муассасасининг ҳожатхонаси эса биринчи қаватида жойлашган ва шу ҳожатхонадан фойдаланиб келинмоқда.

Ижтимоий тармоқда суратлари тарқатилган 2 ва 3–қаватлардаги ҳожатхона ва ювиниш хоналаридан йиллар давомида фойдаланилмаган ҳамда мактаб маъмурияти томонидан ёпиб қўйилган.

“Бундан бир ойча аввал ана шу хоналардан бири ўқувчилар билан алоҳида, синфдан ташқари машғулотларда фойдаланиш учун реконструкция қилинган. 13 декабрь куни ушбу хонада 9-синф ўқувчиларидан мактаб ўзбек тили ўқитувчиси А.Ф. раҳбарлигида ўзбек тилидан назорат иши олинган. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган сурат шу жараёндан”,  - дейилади хабарда.   

Хабарда Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг талаби билан юқорида тасвирланган хонадан фойдаланиш тўхтатилгани қайд этилган.

Шунингдек, синфдан ташқари машғулотларни ўтказиш учун иккинчи сменада, тушдан кейин бўшайдиган синф хоналаридан фойдаланиш ташкил этилган.