Уйқусизликни келтириб чиқарадиган маҳсулотлар қайсилиги айтилди

Олимлар овқатланиш рационига мева ва сабзавотларни киритишни маслаҳат беришмоқда, чунки улар уйқуга ижобий таъсир кўрсатар экан.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Тозаланган углеводлар миқдори юқори бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш уйқусизлик хатарини оширади. Колумбия университети ҳузуридаги шифокорлар ва жарроҳлар коллежи тадқиқотчилари худди шундай хулосага келишди, деб хабар қилмоқда MedicalXpress.

Ишдаги уйқучанлик ва камҳаракатлиликка қарши курашиш керакми?

Илмий иш муаллифлари климакс ҳолатини бошдан кечираётган 50 мингдан ортиқ аёллар томонидан тақдим этилган овқатланиш рациони тўғрисидаги маълумотларини таҳлил қилишган. Улар хулосаларига кўра, шакар, оқ нон ва гуруч қондаги шакар таркибини оширар ва бу уйқусизлик келиб чиқишининг сабабларидан бири ҳисобланар экан.

Мутахассис сўзларига кўра, организм қондаги шакар миқдорини камайтириш учун инсулин ишлаб чиқаради. Бу эса организмда гормонлар миқдори, шу жумладан, адреналик ва кортизол ошишига олиб келиши мумкин. Айнан шундай ҳолат уйқу меъёри бузилишига сабаб бўлади.

Олимлар овқатланиш рационига мева ва сабзавотларни киритишни маслаҳат беришмоқда, чунки улар уйқуга ижобий таъсир кўрсатар экан.