ФИФА талабига мос бўлади: "Пахтакор" стадиони бузилишига қаршиларга жавоб берилди

Бироз аввал "Пахтакор" стадион қурилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар тўлиқ ҳомийлар ҳисобидан қопланиши маълум қилинган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 дек - Sputnik. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати Тошкент шаҳрида жойлашган "Пахтакор" марказий стадионининг бузилишига нисбатан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан бўлаётган эътирозларга жавоб берди.

“Пахтакор” стадионини нима кутмоқда – клуб жавоби

"Бу борада шуни маълум қиламизки, "Пахтакор" клуби расмий сайтида стадионнинг аниқ бузилиш санаси маълум эмаслиги ҳақида баёнот берилган. Унга кўра, айни пайтда стадионнинг янги кўриниши қандай бўлиши аниқланмоқда, тақдим қилинган лойиҳалар орасидан бирини танлаб олиш жараёни кетмоқда", - дейилган хабарда.

Маълум бўлишича, "Пахтакор" клуби расмий сайтида эълон қилинган тендердан сўнг 20 га яқин компаниялар ўз таклифларини билдиришган. Стадион ФИФАнинг энг сўнгги талабларига жавоб берадиган ҳолатда бунёд этилиши сабабли якуний қарорга келишдан аввал барчасини пухта ўйлаб кўриш талаб этилади, дея тушунтиради вазирлик.

"Маъқул деб топилган лойиҳа танлангач, стадион пойтахтимиз марказида жойлашиши ва унинг кўркига айланиши мақсадида ҳукуматнинг тегишли идоралари билан биргаликда қурилиш ишлари қачон бошланиши борасида тўхтамга келинади. Айни ҳолатда эса стадионни бузиш ишлари қачон бошланиши аниқ эмас. Лойиҳа масаласи аниқ бўлиши билан бу ҳақида маълумот расмий сайтимизда тақдим этилади", дейилади клуб баёнотида.

Бироз аввал "Пахтакор" футбол клуби матбуот хизмати берган баёнотга кўра, стадион қурилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар тўлиқ ҳомийлар ҳисобидан қопланиши маълум қилинган эди.