Тошкентда яна бир нарко-аптека аниқланди

Тошкент аптекаларида кучли таъсир қилувчи дориларнининг ноқонуний сотилишига қарши кураш давом этмоқда - ИИББ яна бир нарко-аптекани аниқлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 дек - Sputnik. Тошкентда инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи “Тропикамид” ёки “Регапен” дориларининг рецептсиз сотаётган аптека аниқланди, деб хабар қилмоқда ИИББ матбуот хизмати.

Наркотик сифатида фойдаланиш мумкин бўлган дорилар қаттиқ назорат остига олинади

Наркотик воситаларининг ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича ўтказилган тадбир давомида Учтепа тумани 14-квартал даҳасида жойлашган “Регистон фарм” МЧЖ ишчиси харидордан махсус рецепт талаб қилмасдан унга кучли таъсирга эга дори воситаларини сотаётгани аниқланган.

Шунингдек, дорихона кўздан кечирилганда 193 та “Регапен” таблеткалари, 140 флакон “Тропикамид” ва 1100 та таблетка “Карбамазепин” топилган. 

Тўпланган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Департаментга топширилган. Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

ИИББ фуқаролардан ана кучли таъсир қилувчи дориларни рецептсиз сотиш ҳолатларидан хабардор бўлганда 102 ёки 71-232-30-40, 71-232-40-50 рақамларига хабар беришни сўраган.