ТОШКЕНТ, 11 дек - Sputnik. Ўзбекистон Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедовнинг Тошкентга кириш учун вилоятликларга талон жорий қилиш таклифи интернет ҳамжамияти орасида катта-шов-шувларга сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида ўтказилган навбатдаги сессияда Тошкент пропискаси масаласи кўтарилган ва Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга кириш учун вилоятликларга талон жорий қилишни таклиф қилган.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамалар бошланган.
Хусусан, Jahondir Siddiqov никли фойдаланувчи "Постларни янаям купайтириб куйиб ташаш керак Тошкентга борадиган", деса, яна кимдир пойтахтга яқин 15 йилда виза жорий этилади, бу туришда, дея писанда қилган.
Аксарият фойдаланувчилар партия ва унинг вакилларини ҳақоратлашга ўтган.
Шундан сўнг, Улуғбек Пирмуҳаммедов ХПК орқали ўз таклифига изоҳ беришга мажбур бўлди.
Пирмуҳаммедовнинг таъкидлашича, у ХПК сессиясида Экологик партия номидан эмас, балки мустақил шахс сифатида фикр билдирган.
"<...>шахсий таклифимга эътибор берсак, таклифим шундан иборатки, вилоятлардан ишлаш мақсадида келаётган ҳамюртларимиз маълум бир муаммоларга учраётгани тўғрисида бир қанча мавзулар кўтарилди. Айнан Халқаро пресс клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов кўрсатувида ҳамюртларимизни ишлаб турган жойида профилактика инспекторлари томонидан жаримага тортилаётгани тўғрисида фуқаролар мурожаати ўқиб эшиттирилди. Уч кун ичида рўйхатга қўймаса қонуний чора кўриш кераклиги тўғрисида айтиб ўтилди.
<...>Мен иштирокчи сифатида шахсий фикримни билдирганимда, яқинларимиз зарурат юзасидан ишлаш мақсадида келаётган бўлиши мумкин. Улар маълум муддатга келишсада, биз бу ерда уларга рўйхатдан ўт деб турсак, бу одамлар учун адолатсизлик бўлмайдими?
<...>Мен прописка тўғрисида эмас, балки онлайн рўйхат, қулайлик ва хавфсизликни яратиш мақсадида таклиф қилдим. Тошкентга келаётган қадрдонларимиз яшаб турган ҳудудларидаги инспекторлар томонидан рўйхатдан ўтишса, Тошкентда муаммоларга дуч келмаслиги учун онлайн рўйхат олинса ва бу рўйхат, яъни онлайн портал дастури орқали акс этса, ППС томонидан кўчадан ушлаб кетиш ҳолатлари кузатилганда, бу дастур ҳамюртларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилувчи восита вазифасини бажарарди. Балки шунда ҳамюртларимиз норозилигига сабаб бўлаётган муаммо қайсидир маънода ўз ечимини топар эди. Таклифда қийинчиликларга дуч келаётган ҳамюртларимизни камситиш назарда тутилмаган, балки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларга шароит яратиш мақсади бор эди. Ваҳоланки, ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ маҳаллийчилик қилишга, ҳаммамиз тенг ҳуқуқли фуқоромиз. Ахир Ўзбекистон Республикасида битта яшил паспорт бор. Фикрларимни бошқача талқин қилмасликни сўрар эдим.", - деб ўз сўзларини якунлаган Пирмуҳаммедов.