ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда аксарият самарасиз ишлаётган корхоналарни жиддий танқид қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, президент фармони билан ўтган қарийб бир йил мобайнида корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини самарали бошқариш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилган.
“Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 2819 та давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишлагани сабабли ҳатто дивиденд тўлай олмайди. Президент бу ҳолатни жиддий танқид қилди”, - дейилади хабарда.
“Давлат иштирокини ҳеч зарурат бўлмаган соҳаларда ҳам сақлаб турибмиз. Давлат корхоналарини бошқариш, фаолияти самарасини ошириш, уларнинг функцияларини хусусий секторга бериш бўйича ҳали сезиларли ўзгаришлар бўлмади”, – деди давлат раҳбари.
Йиғилишда 2020 йилда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш бўйича янги вазифалар белгиланди. Аввало, бундай корхоналарни ислоҳ қилиш ёки тугатиш, сақлаш ёки хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш бўйича бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Ишчи гуруҳларга бир ой муддатда ҳар бир корхонани тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг рентабеллиги, ҳозирги қуввати ва истиқболини таҳлил қилган ҳолда, 2020 йилга мўлжалланган аниқ режа ва таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.