Ўзбекистонликларни янгича фирибгарликдан огоҳлантиришди

ИИББ сўнгги пайтларда янгича турдаги фирибгарлик авж олаётгани ҳақида огоҳлантирди. Нотаниш кимсалар гўёки онасининг жанозасига кетаётган вақтда Қамчиқ довонида қолиб кетганини айтиб, фуқароларни чув туширишмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни янгича турдаги фирибгарликдар огоҳлантирди. Одамларга сўнгги пайтларда "Қамчиқ довонида қолиб кетдим" мазмунидаги смс-хабарлар келмоқда.

Телефон товламачилари пул ўғирлашнинг янги усулини ўйлаб топишди

Идора фирибгар хабари матни намунасини келтирган: “Ассалому алайкум. Мен онамни жанозаларига бораётганимда йўлда машинам бузилиб, Қамчиқ довонида қолиб кетдим. Менга сизнинг ёрдамингиз керак. Телефонимга озроқ пул ташлаб юборинг”.

Хабарда ёзилишича, фирибгарлар одатда 25 минг сўм, баъзида эса каттароқ маблағ сўрашган.

“Яъни, муаммо пулда эмас. Ёрдам қўлини чўзган инсонлар кейинчалик билишларича, улардан ёрдам сўраган одам умуман нотаниш кимса бўлган. Оддийроқ қилиб изоҳлаганда, бу фуқароларни алдаш йўлларидан биридир”, - дейилади ИИББ хабарида.

Хабарда бу каби ҳолатларда нотаниш кишига ёрдам бериш ёки бермасликни кишининг ҳал қилиши, аммо алданиб қолмаслик учун барибир эҳтиёткор бўлиш зарурлиги қўшимча қилинган.