Петербург метросида теракт уюштирганлар устидан ҳукм ўқилди

Санкт-Петербург метросининг "Сенная площадь" ва "Технологический институт" бекатлари орасида содир бўлган портлаш оқибатида 16 киши киши ҳалок бўлган. Терактнинг асосий айбланувчиси умрбод озодликдан маҳрум қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Суд  Петербург метросида теракт уюштириш иши бўйича асосий айбланувчи Аброр Азимовни умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Иккинчи ғарбий округ ҳарбий суди Азимовни террорчилар уюшмасида иштирок этиш ва танишларини унга жалб этиш, теракт уюштириш, ноқонуний қурол айланмаси ҳамда портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни тайёрлаш, сақлаш ва ташишда айбдор деб топган.

Санкт-Петербург метросида теракт уюштирганликда айбланувчилар айбини тан олишмади

Бошқа айбланувчилар 19 йилдан 28 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Суд Акрам Азимов, Ибрагим ва Муҳаммадюсуф Эрматовларни жиноятлар мажмуасига кўра 28 йилга озодликдан маҳрум қилган. Прокурор уларни ҳам умрбод озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Содиқ Ортиқов 22 йилга “кесилди”. Шоҳиста Каримова, Муҳамадюсуф Мирзаалимов, Азамжон Маҳмудов ва Дилмурод Муидиновлар 20 йил умрини панжара ортида ўтказади. Сайфулла Ҳакимов ва Баҳром Эргашев 19 йил қамоқ жазоси тайинланган.

Судда уларнинг айблари исботланган.

Барча судланувчилар 500 мингдан 800 минг рублгача жаримага тортилган.

Метродаги портлаш

2017 йил 3 апрел куни Санкт-Петербург метросининг "Сенная площадь" ва "Технологический институт" бекатлари орасида вагон ичида портлаш содир бўлди. Фожиада 16 киши, жумладан, худкуш террорчи Акбаржон Жалилов қурбон бўлди.