2020 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳокимиятлар ваколати чекланади

Янги йилдан бошлаб маҳаллий ҳокимиятларнинг ўрмон хўжаликлари, бозор фаолиятини тўхтатиб туриш, табиий офатларга қарши курашиш каби ваколатлари бекор қилинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 дек – Sputnik. Янги йилдан бошлаб ҳокимиятларга тегишли бўлган бир қатор ваколатлар улар тасарруфидан чиқарилади. Бу ҳақида президент имзолаган “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ...” тўғрисидаги қарорда айтиб ўтилган.

Хусусан, 1 январдан бошлаб маҳаллий ҳокимият органларининг қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:

  • технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишиш;
  • бузилиши учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, жамоат тартибини сақлаш масалалари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офат ва эпидемиялар билан курашиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш;
  • атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш;
  • ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш;
  • бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилиш.

Шунингдек, президент қарорида, янги йилдан бошлаб давлат органлари томонидан фуқаролардан бир қатор маълумотномаларни (маҳалладан справка) талаб қилиш бекор қилинади.

Ундан ташқари,  қарорда 2021 йилнинг 1 янаваридан бошлаб давлат органлари ва уларнинг бўлинмалари орасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботлар - фақат электрон кўринишда амалга оширилади, дейилган қарорда.