WADA Россияни расман мусобақалардан 4 йилга четлаштирди

Яқин йилларда Россия ўзида жаҳон чемпионатини қабул қила олмайди ва уларни ўтказишни сўраб, ариза топшира олмайди. Қарор якдиллик билан қабул қилинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 дек - Sputnik. Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ижроия қўмитаси Россияни йирик мусобақаларга иштирок этиш ҳуқуқидан 4 йилга маҳрум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, қарор якдиллик билан қабул қилинган.

Ижроия қўмитаси Россияга халқаро турнирларни қабул қилишни ва яқин йилларда уларни ўтказишни сўраб, ариза билан мурожаат қилишни тақиқлаган. Шунингдек, Россия антидопинг агентлигини (РУСАДА) мақомидан маҳрум этган.

Алишер Усмонов россиялик спортчиларни ҳимоя қилди

Қолаверса, россиялик давлат хизматчиларига ва Россия Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбариятига халқаро спорт мусобақаларга боришни тақиқлаган.

WADA қарори 21 кундан ёки Спорт арбитаж (CAS) шикоят аризаси кўриб чиқилгандан кейин қонуний кучга киради.

Россиялик спортчи ва мураббийлар агар улар WADA кодексини бузмаганликларини исботлай олишса, уларга мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилади. Амммо улар фақат нейтрал байроқ остида иштирок этишлари мумкин.

Ушбу қарор россиялик давлат арбобларининг кескин танқидига учради.

“Бу Россия спортига бўлган жуда кучли зарба. Менимча, мамлакатимиз ҳукумати томонидан, аввало президент томонидан қаттиқ муносабат билдирилиши зарур. Зероки, бугунги кунда Россия бу соҳада тартиб ўрнатиш айнан унинг ваколатида”, - деди РИА Новостига Давлат думаси вице-спикери, Россия футбол иттифоқи ижроия қўмитаси аъзоси Игорь Лебедев.

Лавров WADA᾽нинг Россияни четлатиш тавсиясига муносабат билдирди

Россия спорт ассоциациялари раҳбарлари ҳам ўз фикрларини билдиришди.

“Қўл қовуштириб ўтирмаслик керак. Охиригача бориш керак. Буларнинг барчасига алоқаси бўлмаган спортчилар тақдирини бундай ҳал қилиш мумкин эмас”, - деган РИА Новостига Россия Чанғи пойгаси федерацияси раҳбари Елена Вяльбе.

Эслатиб ўтамиз, WADA қўмитаси Россияни РУСАДА маълумотлари билан манипуляция қилганликда гумон қилган. Шу боис РУСАДАни WADA кодексига мос келмаслиги эътироф этилган. Агентлик Россия тарафига 31 та савол йўллаган. Экспертлар барча пунктларга жавоб беришган.

Ишбилармон, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов россиялик спортчиларни ҳимоя қилди. Унинг сўзларига кўра, допингга қарши аёвсиз кураш судсиз жазолашга ва битта ўша қоидабузарлик учун янги санциялар қўлланишига айланмаслиги керак.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам, ўз навбатида, “Россияни ўзини ҳимоя қилаётган аҳволга, айбланувчи аҳволига солишни истаганлар борлигини” таъкидлаган эди.